РЕВМАТОИД АРТРИТ БЎЛГАН БЕМОРЛАРДА ФОСФОР-КАЛЬЦИЙ АЛМАШИНУВИ ВА CУЯК ТЎҚИМАСИ МЕТАБОЛИЗМИ БИОХИМИК МАРКЕРЛАРИНИНГ КЎРСАТКИЧЛАРИ
DOI:
https://doi.org/10.2222/yx0b9h66Annotatsiya
Ревматоид артрит (РА) — сурункали аутоиммун яллиғланиш касаллиги бўлиб, суяк тўқимаси минерал зичлигининг (СТМЗ) пасайиши ва остеопороз ривожланиши билан ассоцияланади. Ушбу тадқиқотнинг мақсади РАли беморларда фосфор-кальций алмашинуви ва суяк метаболизми биомаркерларини баҳолашдан иборат. 2025 йилда стационарда даволанган 57 нафар РА бемори ва 20 нафар соғлом назорат шахслари текширилди. Қонда кальций, фосфор, магний, ишқорий фосфатаза, С-реактив оқсил, остеокальцин, B-CrossLaps ва паратгормон миқдори аниқланди. СТМЗ ультратовушли остеометрия/денситометрия орқали баҳоланди. Натижалар РАли беморларда СТМЗ пасайиши юқори улушни ташкил этишини кўрсатди: остеопороз 75,4%, остеопения 17,5%, меъёр фақат 7,01%. Касаллик давомийлиги ортиши билан Т-индекс пасайиши ўртасида аҳамиятли корреляция кузатилди (r≈0,7). Минерал алмашинувида гипокальциемия ва ишқорий фосфатаза фаоллигининг ошиши аниқланди, айниқса жигар касаллиги қўшилиб келганда бу ўзгаришлар яққолроқ бўлди. Суяк метаболизми таҳлили резорбция маркерининг ошиши (B-CrossLaps) ва суяк ҳосил бўлиш маркерининг пасайишини (остеокальцин) кўрсатди. Олинган натижалар РАда суяк ремоделланиши дисбаланси ва остеопороз хавфининг юқорилигини тасдиқлайди. Минерал алмашинуви ва суяк маркерларини мониторинг қилиш эрта профилактика ва даволаш тактикаси учун муҳим аҳамиятга эга.
Калит сўзлар: ревматоид артрит, остеопороз, остеопения, суяк тўқимаси минерал зичлиги, кальций, фосфор, ишқорий фосфатаза, остеокальцин, CrossLaps, паратгормон.